Исроилдаги ватандош: Конституциявий ислоҳотларни фарзандларим, набираларим, қолаверса, ҳар бир ўзбек фуқароси ёрқин келажагининг кафолати деб биламан
– Касбим ҳамшира, маълумотим олий, Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман ва бундан жуда фахрланаман.
Мана бир неча кунлардан буён мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён давом этмоқда – “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси эълон қилиниб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Юртим келажаги ва Ватаним тақдирига бефарқ бўлмаган ҳолда, бу жараённи ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам кузатиб бормоқдаман.
Давлатимиз раҳбари томонидан аёлларга берилаётган имтиёзлар энди қонун доирасида шакллантирилиши мени бир аёл ва она сифатида жуда қувонтирди. Меҳнат ҳуқуқларига доир нормаларга қўшимчалар киритилмоқда. Ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилмаслик, ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамланмоқда.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак, деган мазмунда қўшимча киритиш белгиланмоқда. Албатта, бу ўзгартиш ва қўшимчалар ижтимоий эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бунинг замирида эса инсон қадр-қиммати, шаъни ва ҳуқуқлари ётибди.
Мен ушбу конституциявий ислоҳотларни фарзандларим, набираларим, қолаверса ҳар бир ўзбек фуқароси ёрқин келажагининг кафолати, деб биламан.