БААдаги ватандош: Давлатимизнинг доимий ғамхўрлигини ҳис қилиш менга ва хориждаги барча ватандошларимизга ғурур ва қувонч бахш этади
– Мен “Meta Quotes Software” компаниясида бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқдаман.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб борамиз. Айниқса, бу катта ўзгаришлар халқ фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилгани бизни қувонтирмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувидаги нутқи ва мазкур мулоқот давомида билдирилган таклифлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан танишиб чиқдим.
Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилган янги тартиб ва қоидалар, энг аввало, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ва маънавият ривожига муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишига аминман.
Шунингдек, Конституциямизнинг 22-моддасига таклиф этилаётган янги таҳрирда “Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади», деб белгиланиши менга ва мен каби хорижда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимизга катта эътибор, деб ўйлайман.
Давлатимизнинг доимий ғамхўрлигини ҳис қилиш менга ва хориждаги барча ватандошларимизга ғурур ва қувонч бахш этади.