Хитойдаги ватандош: Конституцияда хусусий мулкнинг ишончли кафолати ва ҳимояси белгилаб қўйилиши Ўзбекистонда тадбиркорлик тараққиёти ва хорижий инвесторлар сонининг ошишига асос бўлади
-Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича билдирган таклифлари республикамиз ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Давлатимиз ривожланиб боргани сари Конституцияни ҳам такомиллаштириб, демократик тамойилларга мослаб бориш зарурияти туғилмоқда. Бу борада берилган таклифларга синчковлик билан эътибор берилса, уларнинг халқ ва давлат ривожи учун қанчалик муҳим эканини кўриш мумкин.
Ҳеч кимга сир эмас, охирги вақтларда Ўзбекистонда «снос» ва кўчмас мулк масалалари бўйича турли тортишувлар юзага келганди. Президентимизнинг ушбу муҳим масала юзасидан берган таклифлари ва уй-жой бўйича конституциявий кафолат белгиланиши ўз вақтида бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга хорижий инвесторларни жалб қилиш борасида ҳам жадал ишлар олиб борилаётгани бутун дунёга маълум. Конституцияда хусусий мулкнинг ишончли кафолатлари ва ҳимояси белгилаб қўйилиши Ўзбекистонда тадбиркорлик янада ривожланишига ҳамда хориждан инвесторлар сонининг ошишига асос бўлади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, «катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида экани ва, ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмаслиги керак».
Ўзбекистон Республикамизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар тез орада халқимиз ва давлатимиз ривожида ўз ифодасини топади, деб ишонамиз.