Римда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг ўтказилди
Дипломатия миссияси раҳбари Отабек Акбаров мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда уларнинг тарихий аҳамияти ҳақида иштирокчиларга сўзлаб берди. Дунёдаги глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши жараёнлари, жадаллик билан ўзгариб бораётган ҳаётий воқелик давлатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш бўйича ўта муҳим ва долзарб бўлган янги вазифаларни қўяётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шу маънода Ўзбекистон Бош қомусини бугунги замон талабларига мослаштириш зарурияти туғилгани қайд этилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Конституциявий комиссия тузилгани, унинг фаолияти ҳамда жорий йил 20 июнь куни давлатимиз раҳбарининг Комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган таклифлари ҳақида маълумот тақдим этилди.
«Давлат – жамият – инсон» ғояси «Инсон – жамият – давлат»га ўзгартирилаётгани, «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори», «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат», «Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат» тамойиллари янги Конституцияда мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Шу билан бирга «Миранда» қоидаси, «Хабеас корпус» институти тушунчалари Асосий қонундан ўрин олмоқда.
Брифинг иштирокчилари, ўз навбатида, умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.