Туркиядан муносабат: Конституцияга ўзгартиш киритиш ташаббуси Ўзбекистонда инсон қадри ва халқ турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган
- Биз хориждаги ватандошлар жонажон Ўзбекистонимизда сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-гуманитар соҳалардаги туб ислоҳотлар ва, умуман, ўзбек халқи ҳаётининг барча жабҳаларидаги ижобий ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритиш ташаббуси Ўзбекистонда инсон қадрини мустаҳкамлаш, жамиятда очиқликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи турмуш даражасини янада юксалтиришга қай даражада эътибор берилаётганидан далолатдир.
Инсонга бу тарзда хизмат қилишдек олий мақсад хориждаги ўзбек ватандошларимиз учун ҳам жуда қувончли ҳол.
Мен Бош қомуснинг 22-моддасига «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди» деган қўшимчанинг киритилишини хориждаги, жумладан, Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Шунингдек, ушбу моддадаги «Давлат ҳорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади» нормаси мен каби Ўзбекистондан ташқарида яшаб келаётган ватандошлар билан алоқаларни изчил равишда ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб биламан.