Ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароси хусусида
Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ижтимоий тармоқларда Қозоғистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари томонидан ўзбекистонлик эркак 200 минг тенге эвазига сотиб юборилганлиги хусусида тарқатилган хабар бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Бош консулхона ушбу масала бўйича Жеттису вилояти полицияси билан боғланди ва жабр кўрган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси Азим Хамраев эканлигини аниқлади.
Ҳозирги пайтда Жеттису вилоятининг ваколатли ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан куч ишлатган полиция ходими қўлга олинган ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
А.Хамраев ушбу жиноий иш бўйича жабрланувчи сифатида гувоҳлик бермоқда, ҳозирги кунда оиласи билан кун кечирмоқда ва унинг хаётига хавф хатар мавжуд эмас.
Бош консулхона мазкур масалани ўзининг назоратига олган.