Конституциявий қонуннинг моҳияти ва аҳамияти
Конституция Ўзи Қандай Ҳужжат?
Конституциянинг дунё бўйлаб яратилишидан мақсад — инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун кафолатларни таъминлаш, инсонни давлат, унинг мансабдор шахсларининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш ҳисобланган.
Шунинг учун ҳам 1789 йилги Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари бўйича француз декларациясининг 16-моддасида, қайсики жамиятда инсон ҳуқуқлари кафолатлари, хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши таъминланмаган экан, бундай жамият Конституцияга эга бўлмайди деб мустаҳкамланган эди.
Шунинг учун ҳам Конституцияда нима ҳимоя қилинишига қараб, мазкур давлатнинг қандай давлат эканлигини билиб олиш мумкин. Қаердаки, ҳудди Ўрта асрлар Франциясидагидек — давлат бу менман дейилса, у ерда Конституция йўқ, бўлишиям мумкин эмас.
Замонавий демократик ёндашувларга кўра, Конституция бу — ижтимоий шартнома, яъни халқ ва давлатнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган аҳднома ҳисобланади.
1776 йилги АҚШнинг Мустақиллик декларациясида инсоннинг яшаш, эркинлик ва бахтга интилиш ҳуқуқини таъминлаш учун инсонлар томонидан давлат тузилади, мазкур давлат ўз ваколатларини инсонларнинг розилигидан олади, дейилади мазкур ҳужжатда.
Конституцияни қонунларнинг онаси деб ҳам айтишади, яъни барча қонунлар Конституциядан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам баъзи туркий давлатларда Асосий Қонунни “Онаясо” деб номлашади.
Оддий йўл ҳаракати қоидаларида светофор қандай вазифани бажарса ва у ишламай қолган ҳолларда қандай тартибсизликнинг гувоҳи бўладиган бўлсак, Конституция ишламаса мамлакат миқёсида қандай тартибсизлик бўлиши мумкинлигини хаёлга келтириш мумкин.
Конституция бошқа ҳужжатлардан ўзининг олий юридик кучга эгалиги, барча даражадаги органлардан устунлиги, фуқаро, жамият ва давлат олдига мақсад қўйиши билан фарқ қилади.
Конституцияларнинг тузилиши, асосан, қуйидагича бўлади: миллат олдида турган мақсадлар — асосий принциплар — ҳуқуқ ва мажбуриятлар — ижро механизмлари.
Конституциявий ислоҲотнинг бошланиши
2022 йил 20 майда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари 47 нафар аъзодан иборат Конституциявий комиссияни ташкил этди. Комиссия аъзоларининг деярли барчаси парламент қуйи палатаси аъзолари, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, мамлакатимизнинг ҳудудларидан сайланган сенаторлар, шунингдек фуқаролик жамияти институти вакиллари, олимлар, мутахассислардан иборат бўлди.
Конституциявий комиссия олдига, асосан, бешта вазифа қўйилди:
Биринчидан, Конституция барчани янада жипслаштириши, барча фуқароларимиз унда ўз орзу-умидларини, ҳуқуқ ва манфаатларини, таъбир жоиз бўлса, ўз дарду муаммоларига ечимни кўриши керак эди.
Бунда, айниқса, миллати, тили, динидан қатъи назар, у болами ёки ёшми, кексами, аёл ёки ногиронлиги бор шахс, мигрант ёхуд хориждаги ватандош, ҳатто маҳкум ва судланган шахслар бу менинг Конституциям деб баралла айта олиши биз кўзлаган мақсад эди.
Иккинчидан, Конституция тўғридан-тўғри ишлаши, одамлар ўзининг кундалик ҳаётида, оиласида, маҳалласида унинг таъсир кучини сезиши керак эди.
Кўпчиликнинг хабари бор, шундай замонлар ҳам ўтдики, оддий одам баъзи ҳолларда формали амалдорнинг олдида ўзини ҳимоя қилиши учун ҳеч қандай асосларга таяна, суяна олмаган кунлар ҳам бўлди. Мажозий қилиб айтганда, хоҳласа, кўчадаги симёғочни ҳам қамайдиган кунларниям кўрдик. Шунинг учун ҳам бу қора кунларга бошқа умуман қайтмаслик учун ишончли конституциявий кафолатлар белгиланмоқда.
Инсоннинг энг асосий ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни илғор демократик давлатлардаги каби фақат суд йўли билангина чеклаш мумкинлиги тўғрисидаги нормалар каррасига кучайтирилмоқда, хусусан, телефон эшитувлари, тинтув каби ҳаракатлар суднинг қарорига асосан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Конституция лойиҳасида ҳозирги замоннинг руҳи, Ватанимиз олдида турган энг муҳим муаммолар ечимига қаратилган нормалар ўз ифодасини топмоқда:
энди “қора рўйхатлар”, банкомат ўрнатмасдан, пластикда юз фоиз ойлик маош ва пенсияларни тўлаб, 30 — 40 фоизга нақдлаштириш, ўғринча “қора бозор”да валюта алмаштириб, жиноятчига чиқишлар, уриб, қийнаб бўйнига айб қўйишлар тарихда қолади, бошқа бу машъум кунлар ортга қайтмайдиган замон келади — лойиҳада инсон қадри, шаъни дахлсиз эканлиги, ҳеч нарса уни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда (26-модда);
энди ҳеч ким қонунни бузиб, далил тўплай олмайди, ўзингизни нимага ушланганингизни тушунтирмасдан олиб бориб “тиқиб қўёлмайди”, қариндошингизга нисбатан гувоҳлик беришга мажбур қила олмайди, қилмаган айбингизни бўйнингга оласан деб уриб-сўкмайди, мажбурлаб гапиртира олмайди, судсиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас — (27, 28, 29-моддалар);
лойиҳа қабул қилингач, ҳеч ким “қамоқда хўрлаб муомала қила олмайди”, қариндошинг судланган деб ҳуқуқларингизни чеклай олмайди (28-модда);
энди ҳеч ким “прописка” деб бошингизни қотирмайди — ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда (32-модда);
энди пахтага ёки кўча тозалаш ва бошқа ишларга ҳеч кимни мажбур қила олмайди, болаларни дарсдан чиқариб, бошқа ишларга жалб этишга журъат эта олмайди — мажбурий ва болалар меҳнати қатъий тақиқланмоқда (44-модда);
энди ҳеч ким, валломати бўлса ҳам, бировнинг уйини ўзича бузиб ташлай олмайди, билганича ноқонуний қурилишлар қила олмайди — ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назорати, шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши белгиланмоқда (47, 49-моддалар);
энди ҳеч ким Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан четга чиқмоқчи бўлса, тақиқлашга ёки мажбуран чиқариб юборишга ёки бериб юборишга, фуқаромиз мамлакатимизга ташқаридан келганда эса киритмайман дейишга ҳаққи йўқ (23, 32-моддалар). Бу орқали хорижга чиқиш учун ҳар икки йилда паспортга стикер олишлар энди ҳеч қачон қайтиб келмаслиги таъминланади, чегаралар орқали ўзаро борди-келди, қўни-қўшничиликка мустаҳкам замин яратилади;
энди фарзандимизга боғча тополмайдиган вазият ёки олий таълимга давлат грантлари қисқариб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфи ортда қолмоқда — давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида эканлиги, фуқаролар танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақлилиги аниқ белгилаб қўйилмоқда (50 ва 51-моддалар);
энди ҳар қандай идора ёки ҳокимлик олий таълим ташкилотлари ишига аралаша олмайди — олий таълим ташкилотлари академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги муҳрланмоқда (51-модда);
эндиликда шифохонага борсак ҳамма нарса пуллик деб айта олмайди — тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми бепуллиги белгиланмоқда (48-модда).
Учинчидан, лойиҳани ишлаб чиқишда халқимизнинг эҳтиёжлари, миллий ўзлиги, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳолатимиз, аҳолимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, менталитети, сиёсий партияларимиз, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш даражасидан келиб чиқиш зарур эди. Киритилаётган янгиликларни ҳар бир инсон, халқимиз қандай қабул қилиши, иқтисодиётимиз бунга жавоб бера олиши, жамиятимиз бунга тайёрлиги ҳисобга олиниши, бунда энг катта мезон — зарар етказмаслик, яхши тажрибаларни сақлаб қолиш зарур эди.
Тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар талаблари инобатга олиниши зарур эди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси, ЕХҲТнинг бир қатор ҳужжатларига мослиги нуқтаи назаридан ўрганилди ва мазкур ҳужжатлар қоидалари лойиҳага имплементация қилинди.
Барчамизга маълумки, ўтган 30 йил давомида Асосий Қонунимизга 16 марта ўзгартиш киритган бўлсак, уларнинг барчаси давлат ҳокимиятига оид масалалар бўлиб, инсон ҳуқуқларига оид деярли ҳеч қандай тузатиш киритмаганмиз. Эндиликда эса инсон ҳуқуқлари бўйича нормалар 3,5 баравардан ошмоқда. Дунё олимлари жаҳондаги барча конституцияларни тадқиқ этиб 110 дан ортиқ ҳуқуқларни санаб ўтишган бўлса, шундан 90 га яқини бизнинг Конституциямиз лойиҳасида ҳозирда мавжуд. Шундан 40 га яқини янгиланган Конституция лойиҳасига киритилган. Албатта, дунёда барча 110 дан ортиқ ҳуқуқларни ҳеч бир давлат ўз Конституциясида қамраб олмаган, чунки бу ҳар бир миллатнинг менталитети, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий омиллари билан боғлиқ масаладир.
Бундан ташқари лойиҳада:
инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги;
Ўзбекистон тарихида биринчи марта халқаро шартномалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги;
агар халқаро шартномада қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши;
Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши ва кафолатланиши;
ҳар ким қонунчиликка ва халқаро шартномаларга мувофиқ, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақлилиги;
давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратишига оид нормалар мустаҳкамланмоқда.
Бешинчидан, лойиҳани ишлаб чиқишда дунё конституцияшунослигининг энг илғор тажрибалари, хорижий мамлакатларнинг конституциялари синчиклаб ўрганилиши зарур эди.
Шу мақсадда 190 дан ортиқ давлатлар конституциялари тематик жиҳатдан ўрганилди. Дунё конституцияшунос олимларининг барча конституцияларни таҳлил қилиб, ишлаб чиққан 665 та саволномаси кўриб чиқилди.
Мутахассислар лойиҳани ишлаб чиқишда ушбу саволномага ҳам таянди. Шу ўринда айрим юртдошларимизнинг лойиҳадаги баъзи нормалар мавжуд қонунлардан олинган деган эътирозларига жавоб бериб ўтиш ўринли ҳисобланади. Авваламбор қайд этиш жоизки, бу дунё конституцияшунослигига хос тенденция.
Конституция — тажриба майдони эмас. Шунинг учун ҳам “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунимизда қонунлар энг муҳим ва барқарор муносабатларни тартибга солади дейилади. Тажрибада ўзини оқлаган, амалиётда муаммо яратмаган, инсоннинг энг асосий ҳуқуқларига дахлдор масалалар жорий қонунларда Конституцияга ўтиши, уларнинг конституциялизацияси нормал тенденция ҳисобланади.
Қолаверса, юқоридаги саволнома ҳам шуни кўрсатдики, нимаики инсоннинг энг зарур ҳуқуқларига дахлдор бўлса, у Конституцияда бўлиши даркор.
Бунга яққол далил сифатида айтиш жоизки, юқоридаги 665 та саволноманинг 30 та саволи жиноят ҳуқуқи ва жиноят процесси билан боғлиқ саволлар бўлиб, дунё конституцияшунос олимлари мазкур масалалар конституцияларда ўрин олиши керак деб ҳисоблайди. Бизда эса мазкур масалалар Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексида ўрин олган. Қолаверса, мазкур кодексларни, асосан, мутахассислар ўқийди ва фойдаланади, улар нари борса бир миллион бўлиши мумкин ҳамда ушбу кодекслар боғча ва мактаблардан бошлаб ўрганилмайди. Конституцияни эса бутун миллат, 36 миллионлик халқимиз ўқийди, боғчаю мактаблардан бошлаб ўрганилади. Асосий Қонунда энг муҳим масалалар ўрин олса, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият каррасига ошиб кетиши муқаррар.
ХалҚ Конституцияси
Тарихдан маълумки, кўпгина давлатларда Конституция қабул қилишда дастлаб лойиҳа ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига қўйилади. Бизда ҳам 1992 йилда Асосий Қонунимиз қабул қилинаётганда мана шундай йўлдан борганмиз.
Конституциявий комиссия бу сафар янгича йўлдан бориб, аввал халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди, шундан сўнг Конституция лойиҳаси тайёрланди.
Биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун одамларимиз 60 мингдан зиёд таклифлар берди. Иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Шу билан бирга, умумхалқ муҳокамасидан сўнг ҳам яна 10 мингта қўшимча таклифлар келиб тушди.
2022 йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди ва ўзининг бир қатор таклифларини илгари сурди.
2023 йилнинг 6 март куни эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашиб, маслаҳатлашув ўтказди.
Бошқача қилиб айтганда, таклифлар халқдан олинди, халқнинг умумхалқ муҳокамасига чиқарилди, халқ вакиллари — депутат ва сенаторлар учдан икки қисм овоз билан референдумга қўйишга овоз беришди, охирги сўзни ҳам халқ айтади, токи барчанинг овози, у ким бўлишидан қатъи назар, тенглиги адолатли, эркин, очиқ жараёнда намоён бўлади.
Шу ўринда савол туғилади, лойиҳани Олий Мажлис қабул қилиши мумкинмиди? Албатта мумкин эди, 1992 йилда амалдаги Конституция ҳам парламент йўли билан қабул қилинган. Лекин ҳеч кимда заррача бўлса-да савол қолмаслиги учун ҳаммага имкон беришга қарор қилинди.
Худди мадҳиямизда айтилганидек, улуғ халқ қудрати жўш урмоғи, авлодларга энг адолатли, эркин, очиқ, инсон қадри улуғланадиган давлат қолдириш учун ҳам шундай қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон тарихида ягона муаллифи ва манбаи бевосита халқ бўлган, халқни ўзи имзо чекадиган биринчи Конституция шу бўлади, у давлат раҳбари томонидан имзоланмайди.
Мазкур Конституция ҳақиқатан ҳам, Халқ Конституцияси бўляпти. Унда аҳолининг барча қатламлари, у аёл бўладими, нуроний, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳаттоки маҳкумлар, судланган шахслар — барча-барчасининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинмоқда.
Янгиланаётган Конституция
Халқимиз таклифлари асосида Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий Қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Агар йўналишлар кесимида қарайдиган бўлсак, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар борасидаги нормалар қарийб 3 баравар кўпаймоқда.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари эса 3,5 баравардан кўпроққа, оилага бағишлангани эса 2 баравар ортаётганлигини кўришимиз мумкин.
3 та янги боб (амалдаги Оила бобига қўшимча болалар ва ёшлар, Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар бобига қўшимча маданий ва экологик ҳуқуқлар, алоҳида адвокатура боби) қўшилмоқда.
Конституция лойиҳасининг 15 та нормасида давлат шарт-шароитлар яратиши, 16 та нормасида давлат кафолатлаши, 4 та нормада давлат қайғуриши алоҳида кўрсатиб ўтилаётганлигининг ўзиёқ давлатнинг мақсади инсон ҳуқуқларини таъминлаш эканлигини кўрсатиб турибди.
Лойиҳада “инсон” сўзи амалдаги Конституцияга нисбатан 3 баравар бисёр, “болалар” сўзи қарийб 3 баравар кўп, “ёшлар” сўзи 6 баравар ортиқ, “аёллар, хотин-қизлар” сўзлари 2 баравар кўп, “ногиронлиги бор шахс”, “аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари”, “интеллектуал мулк”, “инклюзив таълим” деган сўзлар эса биринчи марта қўлланилди.
Конституция
бу — консенсус, ижтимоий шартнома
Конституция ўз тараққиёт йўлини танлаган миллатнинг онгли танловидир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, дунёда 1995 йилдан то шу кунгача 63 та давлат, 2000 йилдан шу кунгача эса 47 та давлат Конституциясини янгилаган, ўзгартишлар киритган.
Конституция инсон, жамият ва давлат ўртасида эришилган ўзига хос келишув (консенсус) ифодаси, барчамизнинг розилигимиз асосида ўз ҳаётимизни ташкил этиш принциплари ҳақида келишув, давлат, унинг сиёсий институтлари ва оддий одамлар ҳаёти ва фаолиятида амал қиладиган устувор қоидалар деганидир.
Қайд этиш жоизки, Асосий Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда барча сиёсий кучлар ўз партиявий дастурларидан келиб чиқиб, дастурий мақсадларини Конституцияда акс эттириш учун курашдилар.
Шу жиҳатдан ЎзЛиДеП давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш бўйича мажбуриятлари, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақлилиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатлари кабиларни таклиф этди.
Бозор иқтисодиётини ривожлантиришда энг катта омил бўлган масала, яъни ернинг хусусий мулк бўлиши мумкинлиги конституциявий даражада мустаҳкамланиши ЎзЛиДеП партиясининг муҳим ютуғи бўлди.
Миллий тикланиш демократик партияси муқаддимада миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, миллий тикланишимизда давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниш, Асосий принциплар бўлимида эса миллий ривожланишимизда ўта муҳим кафолат бўлмиш Ўзбекистоннинг дунёвий давлат деб белгиланиши, давлатнинг мажбуриятларида нафақат маданият ёдгорликларини, балки тарихий, маънавий, маданий, илмий меросимиз муҳофазасининг мустаҳкамланиши, жамиятимизнинг энг асосий бўғинини ташкил қилувчи оилани барпо этишда Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳ тузувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши кабиларни таклиф этди.
Халқ демократик партиясининг электорати Ўзбекистон — ижтимоий давлат деб белгиланаётганини ўз дастурий мақсадларининг амалга ошиши деб ҳисоблаган ҳолда, ижтимоий давлат принципини рўёбга чиқариш учун лойиҳада партия платформасидан келиб чиқиб, бир қатор нормаларни таклиф қилди ва лойиҳада ифодасини топишга эришди.
Хусусан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб яшашини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши, ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олиниши, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши шулар жумласидандир.
Адолат социал-демократик партиясини мазкур янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат деб белгиланишини партиянинг бош мақсадларидан бирига эришиш сифатида қабул қилди. Партия лойиҳадаги “Миранда қоидаси”ни, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш, прокуратурага мос равишда адвокатурага алоҳида боб ажратиш, хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, солиқ ва йиғимларнинг адолатли бўлиши, парламентда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани кўриб чиқиш, Ҳукуматнинг давлат бошқаруви органларининг ишида қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция кўринишларига қарши курашиш бўйича чоралар кўришига оид мажбуриятлари белгиланаётганлигини ўзининг партиявий платформасидаги мақсадлар амалга ошишининг ифодаси деб билди.
Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Конституцияга экологияга оид алоҳида боб киритилиши, экологияга доир нормалар муқаддимадан тортиб, инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормаларда ҳам ўз аксини топганлиги, аввалги нормаларга нисбатан экологияга оид нормалар қарийб беш бараварга кўпайишини, Конституцияда биринчи марта Ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишини таъминлаш, табиат бойликларини, биологик хилмахилликни асраб-авайлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби вазифалари алоҳида кўрсатиб ўтилишини Ўзбекистон экологик партияси Асосий Қонунимиз лойиҳасига партиянинг дастурий мақсадлари киргани сифатида эътироф этди.
Умуман олганда, партияларимиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда бир-бирига рақиб бўлгани ҳолда тан олиб айтиш жоиз, миллат, халқ манфаатлари ҳақида гап кетганида ҳаммаси бир мушт бўлиб ҳаракат қилди.
Ўзбекистон — ижтимоий давлат
Янгиланаётган Конституция Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар уч баравар ортмоқда.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг бурчи эканлиги конституциявий мустаҳкамланмоқда.
Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамланмоқда.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилиши муҳрланмоқда.
Ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан
кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи конституциявий кафолатланмоқда.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда.
Жадид боболаримиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз асарларида “Ҳар бир миллат, энг аввал макотиби ибтидоиясини замонча ислоҳ этиб, кўпайтирмагунча тараққий йўлиға кируб, маданиятдан фойдаланмас” деган ғояни илгари сурган эди.
Янгиланаётган Конституциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири илм-фанни, таълимни ривожлантиришга катта эътибор берилгани билан изоҳланади. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб икки баравар кўпайди.
“Таълим” деган сўзнинг ўзи 20 марта қўлланиляпти, амалдаги Конституциямизда фақат 2 мартагина ишлатилган эди ҳолос. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланмоқда.
Сингапурнинг собиқ бош вазири Ли Куан Ю айтган экан, “мен фақат Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, давлат бюджетини таълимга йўналтирдим, муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги мўъжизаларни амалга оширган инсонлар муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтарин авлодни етиштириб чиқардилар”.
Шу маънода янгиланаётган Конституциямизда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилаётганлиги, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши конституциявий кафолатланаётганлиги тараққиётимизнинг асосини ташкил этади.
Шунингдек, Конституцияда давлат бепул бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши белгиланмоқда.
Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши мустаҳкамланмоқда.
Янгиланаётган Конституцияда Вазирлар Маҳкамасининг экология, ёшлар сиёсати, оилани қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатлари мустаҳкамланмоқда ва айни вақтда жавобгарлиги ҳам кучайтирилмоқда.
Шу ўринда яна бир гап. Давлат ўзининг ижтимоий мажбуриятларини қачон тўлақонли бажаради? Қачонки, жамият, ҳар бир фуқаро ўз мажбуриятларини тўлақонли бажарсагина! Биргина мисол, фуқароларнинг солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлашлари ҳам нафақат бурч, балки давлат ўз вазифа ва функцияларини тўлақонли амалга ошириши учун муҳим омил ҳисобланади. Агар одамлар солиқларни тўламаса, даромадини яширса, хуфиёна иқтисодиёт ўсиб борса, давлатнинг ижтимоий функциялари ҳам тўлиқ амалга ошмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистон —
ҲуҚуҚий давлат
“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Лойиҳага асосан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ва қонунларнинг, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Янгиланган Конституцияга асосан давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас.
Шахсни ушлаб туриш чоғида унга тушунарли тилда ўз ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари тушунтирилиши керак.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши назарда тутилмоқда.
Гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланмоқда.
Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги конституциявий белгиланмоқда.
Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги конституциявий кафолатланмоқда.
Умумхалқ муҳокамаси шуни кўрсатдики, одамлар ҳаётимизда учраётган иллатлар: коррупция, амалдорларнинг ўзбошимчалиги, ўзгариш ва янгиликка интилмаслиги, давлат тузилмалари оддий одамлар муаммоларининг ичига кирмаётганлиги, ҳокимиятлар ишидаги хўжакўрсинлик ва кўзбўямачилик билан муроса қилишни хоҳлашмаяпти.
Одамлар юракдаги дард ва алам билан кўп нарсалар ҳақида гапиришмоқда.
Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, умумхалқ муҳокамасида янграган барча танқидлар ишимизни тубдан ўзгартиришимиз учун жиддий огоҳлантириш бўлиб янграши зарур.
Конституциявий ислоҳот давлат ва унинг мансабдор шахслари олдига ўта масъулиятли ва кенг кўламдаги вазифалар ечими устида ишлаш кераклигини, янгиланган талаблар асосида ўз фаолиятини Конституциямизга асосланиб, тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини яна бир бора кўрсатмоқда.
Ўзбекистон —
халҚчил давлат
Янгиланган Конституцияда инсоннинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, экологик ҳаётдаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятлари бир неча бор ошаётгани давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимининг самарадорлигини кучайтириш, давлат органлари фаолиятини натижадорликка йўналтиришни тақозо этмоқда.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Давлат ҳокимиятини ташкил этиш бўлими бўйича келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш ғояси билан боғлиқ бўлди. Ушбу нормаларнинг асосий мазмун-моҳияти давлат ҳокимиятини демократлаштириш, давлат ва жамият қурилишига оид муҳим масалаларни ҳал қилишда парламентнинг ролини оширишда намоён бўлади.
Шу асосда, Конституциявий қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилди:
Биринчидан, парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатларини қайта кўриб чиқиш, бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда.
Хусусан, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатасига ўтказилмоқда. Бу ўзгартиш қуйи палатанинг вакиллик табиатига мос келади ҳамда унинг фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконини беради.
Иккинчидан, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага оширилмоқда.
Парламент назорати объектлари бўлмиш ижро ҳокимияти органлари ихчамлаштирилаётганидан келиб чиқиб, Сенат ҳам ихчамлаштирилмоқда.
Шу аснода, жойлардан тенг вакилликни сақлаб қолган ҳолда сенаторлар сонини 65 нафар этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси томонидан киритилган қонунлар Сенатда олтмиш кун ичида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланяпти. Агар юқори палата бу муддат ичида қонунни кўриб чиқмаса, ушбу қонун имзолаш учун тўғридан-тўғри Президентга юборилиши амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Мазкур қоида қонун ижодкорлигига оид тартиб-таомилларни соддалаштиришга хизмат қилади. Бундай амалиёт Чехия, Польша, Япония, Қозоғистон, Россия каби давлатларнинг парламент фаолиятида кенг қўлланилади.
Давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни таъминлаш принципидан келиб чиқиб, вазирликлар ва давлат бошқаруви органларини тузиш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш ваколатини ҳам Сенатга ўтказиш таклиф этилмоқда.
Ҳозиргидек тайинлаш тўғрисидаги фармонни тасдиқлаш ўрнига Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин тайинланиши, махсус хизматлар устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзодни ҳам Сенат билан маслаҳатлашувлардан сўнг тайинлаш амалиётини жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Учинчидан, Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги йиллик миллий маърузани эшитиш белгиланмоқда.
Бу иккала палатанинг мазкур йўналишдаги самарали ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда коррупцияга қарши курашиш борасида ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади.
Шунингдек, тарихда биринчи марта Конституция даражасида парламент текшируви институти мустаҳкамланмоқда.
Тўртинчидан, марказдаги ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятида қатъий тартиб-интизом, масъулият, натижадорликни кучайтириш ҳамда барча партияларга тенг имконият бериш мақсадида Бош вазир номзодини барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашиб, давлат раҳбари Қонунчилик палатасига киритиб, халқ вакиллари маъқуллаганидан сўнг лавозимга тайинлаш тартиби жорий қилинмоқда.
Чунки сайланган давлат бошлиғи ўз дастурини амалга ошириши учун давлат ишлари бўйича энг масъул шахс сифатида ижро ҳокимиятига оид ваколатларга эга бўлиши зарур.
Бу амалиёт чет элда ҳам кенг тарқалган. Қаердаки, давлат бошлиғи халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланса, у ижро ҳокимиятига оид барча зарур ваколатларга эга бўлади. Жанубий Корея, Франция, Португалия, Озарбайжон, Аргентина ва бир қатор қўшниларимизда ҳам шундай.
Бешинчидан, мамлакатимизда конституциявий қонунийликнинг таъминланишига масъул ҳисобланган Конституциявий суднинг турли таъсирлардан холи бўлиши, унинг мустақиллигини кучайтириш мақсадида халқаро тажрибани инобатга олиб, мазкур суд судьяларини ўн йилга бир маротаба сайлаш таклиф этилмоқда.
Олтинчидан, давлат ҳокимиятини янада демократлаштириш мақсадида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши раҳбариятлари, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, халқ депутатлари Кенгашлари раислари ва ҳокимларнинг лавозимга икки муддатдан ортиқ сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигигига оид конституциявий чеклов киритилиши таклифи илгари сурилмоқда.
Еттинчидан, давлат бошлиғининг бир қатор ваколатлари халқ вакилларига — Сенатга ўтказилмоқда, булар коррупцияга қарши кураш ҳамда рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари раҳбарларини, Судьялар олий кенгашининг бутун таркибини сайлаш шулар жумласидандир.
Саккизинчидан, халқпарвар давлат барпо этиш мақсадида маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари алоҳида-алоҳида ажратиб қўйилиши белгиланмоқда. Жойларда вакиллик ва ижроия ҳокимиятини ажратиш том маънода инқилобий ўзгаришларни назарда тутади.
Янгиланаётган Конституциямиз тасдиқланганидан сўнг мазкур Кенгашлар ишини тўғри ташкил қилишга кўмаклашиш, олти ярим мингдан ортиқ депутатлик корпусига методик ёрдам кўрсатиш бўйича юқори палата олдида улкан вазифалар пайдо бўлади.
Шу мақсадда юқори палатага жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун кўмаклашиш вазифаси юклатилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, ушбу лойиҳани Янги таҳрирдаги Конституция деб айтишга барча асослар бор. Шунинг учун ҳам лойиҳанинг номи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни деб аталмоқда.
Хотима
Янги Ўзбекистонни ҳеч ким четдан келиб қуриб бермайди. Барча ҳаракатларимизда фақат ва фақат ўз кучимизга, имкониятларимизга таянишимиз зарур.
Бундай тарихий жараён ва ҳодисалар ҳар доим ҳам бўлавермайди.
Агар биз барчамиз миллатимиз, динимиз, тилимиз, ёшимиздан қатъи назар, бир тану бир жонга айланиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, турли бузғунчи кучларнинг алдовларига учмасдан, жамият ва давлатнинг биргаликдаги тараққиёт йўлини белгилаб олсак, янгиланаётган Конституциямиз барчамизни бирлаштирувчи чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади. Жонажон Ватанимиз ўз тараққиётининг бугунги янги босқичида мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворга эга бўлади.
Эркин ва фаровон, тинч ҳамда осойишта ҳаёт осмондан тушмайди, унинг учун курашиш керак. Айримлар орзу қилган буюк давлатларни ўша юртнинг буюк, матонатли халқи барпо этган.
Парламентимиз Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берадиган улкан сиёсий-ижтимоий воқеа бўлди.
Эртанги кунимиз, келажагимиз мазкур Конституцияга боғлиқ.
Янгиланаётган Конституция бўйича ўтказиладиган референдумдаги фаол иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратган бўламиз.
Ватан тақдири ҳал бўлмоқда, Ватан тақдири бу Сизнинг, фарзандингизнинг, ота-она, ака-укаларингизнинг, киндик қони тўкилган барча қон-қариндошларингиз тақдири.
Бизни миллий ғурур ва миллий ифтихор бирлаштириб туради, бизни миллатнинг ҳам яхши куни, ҳам қайғуси бирлаштириб туради
Таҳликали, мураккаб замонда яшамоқдамиз, атроф нотинч, айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер деб халқимиз бежизга айтмаган.
Ота-онанинг ёмони бўлмагани каби Ватаннинг ҳам ёмони бўлмайди. Она Ватан бу Сиз, мен, бу фарзандингиз, ота-онангиз, ака-укаларингиз, опа-сингилларингиз, шу заминга киндик қони тўкилган аждодларингиз.
Янгиланган Конституция Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бевосита халқимиз таклифлари асосида унинг иродаси билан қабул қилинмоқда, шунинг учун 30 апрелда улуғ халқ қудрати жўш уриши лозим. Зеро, Конституция бу — халқ сўзидир!
Миравзал Миракулов,
Конституциявий комиссия йиғма-ахборот
таҳлил гуруҳи раҳбари,
юридик фанлар доктори, профессор