Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича вазифалар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 ноябрь куни ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ҳудудлардаги иқтисодий ўсиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, иш ўринлари ва инвестиция оқими, аввало, ерга боғлиқ. Охирги уч йилда рақамлаштириш ҳисобига 40 миллион гектар ёки жами ерларнинг 90 фоизи кадастрда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шу билан бирга, 44 миллион 800 минг гектар ер майдони, 8 миллион 300 мингта бино ва иншоотнинг мулк сифатидаги бозор баҳоси ҳисобланмаган. Ҳозирда мавжуд бино ва иншоотларнинг шартли кадастр қиймати 70 миллиард долларни ташкил қилади. Аслида, уларнинг ҳақиқий бозор баҳоси бундан камида 4-5 баробар кўп. Бунга ернинг бозор қиймати ҳам қўшилса, катта “иқтисодий актив” бўлади.
Соҳада замонавий аэрофотокамера ва дронлар қўлланаётгани натижасида кўп захиралар аниқланмоқда. Масалан, Қарши туманида экин ерлари 45 минг гектар деб кўрсатиб келинаётган бўлса-да, ҳисоботда яйлов бўлиб турган 5 минг 100 гектар майдон ҳам аслида суғориладиган ер эканлиги аниқланди. Бу бюджетга қанча тушум, қанча иш ўрни ва даромад йўқотилаяпти, дегани.
Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида 286 минг гектар ернинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари тўлиқ эмас. Доимий фойдаланиш учун ажратилган 460 минг гектар ернинг ҳуқуқий мақоми аниқ эмас. 159 минг гектар ернинг ҳужжатдаги ва амалдаги майдони бир-биридан фарқ қилади.
Оқибатда, жами 900 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерлари кадастр рўйхатидан ўтмасдан турибди. Кадастри йўқлиги сабабли уларни такрорий экинлар учун расман иккиламчи ижарага бериш имкони бўлмаяпти. Булар туфайли камида 300 минг иш ўрни, такрорий экиндан олинаётган маҳсулот ҳамда норасмий ижаранинг ҳисоби юритилмаяпти.
Шу боис бундай ерлар самарадорлигини ўрганиш вазифаси қўйилди. Агар деҳқон ва фермерлар ердан унумли фойдаланаётган бўлса, улар билан ижара шартномаси тузилади ва кадастр рўйхатига олинади. Аксинча, оқилона ишлатилмаётган ерлар ҳокимлик захирасига қайтарилади.
Мутасадди вазирликларга ушбу тизимни амалиётга жорий қилиш, келгуси йил аэросуратга олиш ва қишлоқ хўжалиги ерлари кадастрини тўлиқ якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафтада Сурхондарёга ташриф чоғида экспортбоп сабзавотлар экиш имкониятларини айтган эди. Ҳудудларда буни истовчи юртдошларимиз кўп.
Шу боис ҳар бир туманда экспортбоп сабзавот экса бўладиган камида 100 гектардан бўш ерлар ажратилиши белгиланди. Бу бўйича тақдимотлар ўтказилади, маҳсулот етиштирувчилар “фермерлар мактаби”да ўқитилади. Ҳосилдор уруғлар кафолатли етказиб берилади. Экин ери “ишнинг кўзини биладиган”, экспорт кўникмаларига эга инсонларга аукцион орқали ижара ҳуқуқи билан сотилади.
Йиғилишда ер ҳисобини тўғри юритиш масаласига эътибор қаратилди.
Бугунги кунда 817 минг гектар ер аҳоли яшаш жойи ва саноат ҳудудига айланиб кетган, аммо ҳисоботларда қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасида турибди. Кадастр агентлиги ва ҳокимликларга бу ноаниқликларни ҳал қилиш, амалдаги “ер баланси”ни ҳисоботда тўғри акс эттириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Сув хўжалигида ҳам ҳужжати йўқ кўп ерлар бор. Улардан қўшимча иқтисодий самара олишнинг йўли – тўлиқ кадастрдан ўтказиш. Бир сўз билан айтганда, бу – иш ўрни учун ҳам, озиқ-овқат учун ҳам қўшимча захира.
Шу боис канал ва коллекторлар, табиий кўл ва дарёлар олдидаги ерларни ҳужжатлаштириб, аҳолига экспортбоп экинлар учун бериш вазифаси қўйилди.
Йўл хўжалигида муайян ички йўллар ва унга туташ ерларда ҳужжат йўқ. Масалан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда ички йўллар чегарасини белгилаш вақтида аукционга чиқарса бўладиган 2 минг 700 дан зиёд бўш ер участкаси аниқланган. Шу боис келгуси йил “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” лойиҳалари доирасида ички йўлларнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаш ҳам назарда тутилади.
Йиғилишда ерлардан самарали фойдаланиш масаласи атрофлича таҳлил қилинди.
Қанчалик қийин бўлмасин, охирги беш йилда қишлоқ хўжалигидан 42,5 минг гектарни қисқартириб, аҳоли пунктлари ва саноат ерлари тоифасига ўтказилди. Лекин вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари улардан самарали фойдалана олмаяпти. Хусусан, 100 та туманда тоифаси ўзгарган 17,5 минг гектар ер на тадбиркорга берилган, на аукционга чиқарилган. Саноат зоналарида ҳам бўш ерлар бор. Оқибатда миллиардлаб сўм бюджет тушуми йўқотилган.
Ҳокимларга бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.
Кадастр соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳам муҳим вазифалардан. Бугунги кунда бу борадаги ўқитиш сифати талаб даражасида эмас. Айрим факультет ва кафедралар номига очилган, ўқув дастурлари замондан орқада қолган.
Шу боис уларда замонавий лабораториялар ташкил қилиш, янги ўқув адабиётлари ва хориждан малакали мутахассислар олиб келиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида вазирлик, ҳокимлик ва идоралардаги ижро интизоми ҳолатига тўхталиб ўтилди.
– Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида жуда катта ислоҳотларни амалга ошираяпмиз. Ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолаётгани йўқ. Лекин, ислоҳотлар “қоғозда” қолиб кетмаслиги керак. Вазирлик ва тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар жойларда уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаши шарт, – деди Президент.
Айрим раҳбарлар рақам ортидан қувиб, сифат, самарадорлик ва талабчанликни сусайтиргани кўрсатиб ўтилди. Ижро интизомини таъминлаш, барча дастур, “йўл харитаси” ва лойиҳаларни ўз муддатида бажариш лозимлиги қатъий таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.