Otyrar Telegram каналида эълон қилинган "Семь граждан Узбекистана пострадали в смертельном ДТП в Шымкенте" ҳабарига, Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Бош консулхона маълумоти
2024 йил 02 сентябр соат 04:00 атрофида Олмаота-Шимкент шоссесида, Жибек йўли бозори яқинида (Курсай микрорайонида) содир бўлган йўл транспорт ҳодисасида 2 та автотранспорт воситалари тўқнашганлиги бўйича мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхона ходимлари тезкор суриштирув ишларини олиб борди.⠀
Шимкент шаҳри Полиция Департаменти навбатчилик қисми ва Турон тумани полиция бўлими берген маълумотига кўра, юқорида зикр этилган бахтсиз ҳодиса туфайли йўл ишлари олиб борилаётган трассада Opel Vectra ҳайдовчиси қарама-қарши бўлакка чиқиб кетиб, Toyota Alphard автомобилига бориб урилган. ЙТҲ натижасида Opel Vectra ҳайдовчиси (Қозоғистон Республикаси фуқароси) воқеа жойида вафот этган.
Яна беш киши жароҳатланган, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, “Toyota Alphard”да Қизилўрда вилоятидан уйларига кетаётган бўлган.
Жабрланганлар касалхонага ётқизилган. Мазкур ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, 5 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўз хоҳишларига кўра шифохонани тарк этиб, Ўзбекистонга эсон-омон қайтишган.
Ушбу содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси натижасида Ўзбекистон фуқаролари вафот этмаган.
Шу билан бирга, Бош консуллик томонидан олинган маълумотга кўра, мазкур ЙТҲда Ўзбекистон Республикасининг 5 фуқароси бўлганлиги, Otyrar Telegram каналида эълон қилинган маълумот "Семь граждан Узбекистана пострадали в смертельном ДТП в Шымкенте" эса ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди.