Қозоғистон Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диққатига!
Ҳурматли ватандошлар,
Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб таҳдид солиб турган бир пайтда, юртимизда ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда.
Жумладан:
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилган;
- Дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилган;
- хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилган;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланган;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, кўнгилочар объектлар ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилган;
- давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилган.
Шу билан биргаликда, юртимизнинг барча худудларида махсус шифохоналар жадаллик билан қурилмоқда, 300 мингта экспресс-тест ҳамда 500 та сунъий нафас олдириш аппаратларини харид қилиш чоралари кўрилди. Бу эса айни пайтда коронавирус инфекцияси билан хасталанган беморларимизнинг соғайиб кетишларида муҳим аҳамиятга эга.
Ҳурматли юртдошлар!
Ватанимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида барча ресурслар ишга солиниб, зарур ва қатъий чоралар амалга оширилаётган бир пайтда фуқароларимиз ҳам ушбу жараёнга масъулият билан қарашларини сўраб қоламиз.
Бу чоралардан кўзланган асосий мақсад фуқароларимизнинг хаётларини сақлаб қолиш, уларнинг хавфсизлигини ва соғлиғини таъминлаш.
Ўзбекистонда айни пайтда 15,5 мингга яқин юртдошимиз шифокорлар назоратида сақланмоқда. 50 176 нафар киши эса ўз уйларида кузатув остидалар. Ушбу рақамлар ҳар биримизни ўйлантириш ва тўғри хулоса чиқаришга ундаши лозим.
Фидойи шифокорларимиз, Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак ўз ҳаётини “Жанг майдони”да гаровга қўйиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни соғайиб кетишига бор тажриба ва маҳоратларини ишга солмоқдалар.
Аммо 200 дан ортиқ давлатга тарқалган вируснинг олдини олишга доир тавсиялар, мутахассислар маслаҳатига тўла амал қилмаётганимиз сабабли ушбу касалликка чалинганлар сони ошиб боряпти.
Кўпчилик юртдошларимиз томонидан хиёнатга тенглаштирилаётган худбинлик, лоқайдлик иллати, айниқса, бугун қимматга тушаётганини унутмайлик.
Шу сабабдан, яна бир бор сизларга мурожаат қилиб, ўзингизнинг ва бошқаларнинг хаётини хавф остига қўйиб, узоқ йўлга чиқмасликка, жамоат бўлиб йиғилмасликка, ўз яшаётган жойингизда қолиб, тўғридан-тўғри мулоқотларни чеклаб, коронавирусдан сақланиш учун зарур бўлган барча эхтиёт чораларини кўришга чақирамиз.
Бу билан нафақат коронавирус инфекциясининг даҳшатли оқибатларидан ўз соғлингизни ҳимоя қиласиз, балки оилангиз, яқинларингиз ва бутун жамият учун хам яхшилик қилган бўласиз.
Қозоғистон худудида карантин муддати тамом бўлгунга қадар, маълум бир сабабларга кўра ишсиз ёки ўта оғир моддий ахволга тушиб қолган бўлсангиз, хар бирингиз шахсан Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарига қуйида тақдим этилган электрон манзилларга мурожаат этишингизни сураймиз.
Берган аризангиз бўйича сизга тегишли ёрдам кўрсатиш масаласи кўриб чиқилади.
Аризага қуйидаги шаклдаги маълумотлар илова қилиниши лозим:
Исм фамилия |
Туғилган сана |
Паспорт раками ва берилган санаси |
Боғланиш телефон рақами |
Берилиши керак бўлган ёрдам тури (вақтинча ишсиз, ётоқ билан таъминлаш ёки моддий ёрдам) |
Қозоғистондаги манзил |
Равшан Исмоилов |
07.06.1991 |
КА 1234184 |
+7(707) 423 55 17 |
Иш билан таъминлаш |
Олмаота области, Қорасой тумани, Шамалган посёлкаси, Абай кўчаси, 55 уй. |
Мурожаат учун манзил:
Акмола, Шимолий Козоғистон, Павлодар, Костанай, Караганда областлари ва Остона шахридаги Ўзбекистон фуқарорлари Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Элчихонасининг kz.uzembassy@mfa.uz электрон манзилига ариза юборадилар (тел +7 (777) 218-20-10).
Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Турикистон, Жамбул, Қизилўрда областлари ва Олмаота, Шимкент шаҳарларида яшовчи Ўзбекистон фуқарорлари Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасининг kz.uzconsulate@mfa.uz электрон манзилига ариза юборадилар (тел +7 (727) 390-26-16, 17).
Мангистау, Атырау, Актюбинск ва Ғарбий Қозоғистон областларида яшовчи Ўзбекистон фуқарорлари Ўзбекистон Республикасининг Актау шаҳридаги Бош консулхонасининг kz.uzconsulate-aktau@mfa.uz электрон манзилига ариза юборадилар (тел. +7 (729) 277-71-17)
Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Элчихонаси