Ўзбекистон ва Финляндия: қўшничилик муносабатларини қуришда ўхшаш ёндашувлар

Ўзбекистон ва Финляндия: қўшничилик муносабатларини қуришда ўхшаш ёндашувлар
Глобал давлатлар ўртасида кескин рақобат ва ажралиш кучайиб бораётган бир пайтда, ҳозирги кунда «ўрта даражадаги» давлатлар деб аталадиган мамлакатларнинг минтақавий барқарор алоқаларни шакллантиришдаги ёндашувлари жаҳон тинчлиги ва ҳамкорлигини таъминлашда муҳим ечимлар таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон — тарихий Ипак йўлининг юрагида жойлашган Марказий Осиё давлати, ва Финляндия — «Совуқ уруш» даврида бетараф чегара давлати сифатида ноёб тажрибага эга Шимолий Европа мамлакати сифатида, шиддатли халқаро вазиятда изчил мулоқотга садоқат орқали минтақавий барқарорликка эришиш мумкинлигини намоён этмоқда. Географик жиҳатдан турли ҳудудларда жойлашганига қарамасдан, ҳар икки давлат ўз минтақасида барқарор ривожланиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик орқали ечимлар излаб, бир-бирига ўхшаш ёндашувлар ишлаб чиқди.
Турли тарихий контекстлар Ўзбекистон ва Финляндия халқларининг маданий хусусиятларида ўз ифодасини топган бўлса-да, улар барқарорлик, ҳамкорлик, суверен тенглик, ўзаро ҳурмат ва кўп томонлама ҳамкорликка асосланган умумий дипломатик фалсафани шакллантирди.
Марказий Осиё қадим замонлардан бери ягона маданий ва тарихий ҳудуд бўлиб келган. Асрлар давомида бу ерда сиёсий, иқтисодий ва маданий яхлит макон мавжуд бўлган. Инсоният цивилизациясининг қадимги бешикларидан бири сифатида мазкур минтақада ҳамкорликни тўқнашувдан устун қўйиш, бағрикенгликни мажбурлашдан афзал кўриш, қўшнининг фаровонлиги сениинг фаровонлигинг деган универсал қадриятлар шаклланди.
1991 йилда мустақилликни қўлга киритганидан сўнг, Ўзбекистон изчил равишда минтақавий ҳамкорлик сиёсатига амал қилиб келмоқда. 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач,
ушбу йўналиш ташқи сиёсатнинг устувор мақсади сифатида эълон қилинди.
Тошкентнинг минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича «дипломатик юриши» замонавий Марказий Осиёда муносабатларни тубдан ўзгартирган муҳим сиёсий жараёнлардан бири бўлди.
Тошкентнинг қўшни давлатлар билан мулоқот ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилган беқиёс сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёда ҳамкорлик ташаббускорига айлантирди.
Бу сиёсат сув ресурсларини бошқаришдан тортиб транспорт коридорларини кенгайтириш, саноат кооперациясидан тортиб чегараларни делимитация қилиш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашгача бўлган соҳаларни қамраб олди.