Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш: замонавий тенденциялар ва истиқболлар

Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш: замонавий тенденциялар ва истиқболлар
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги Европа йўналиши ҳамкорлар географиясини кенгайтириш ва ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича
ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, Сербия билан муносабатлар изчиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган барқарор қизиқиш билан ажралиб туради.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги дипломатик муносабатлар тарихи 30 йилдан зиёд вақтни қамраб олади. Шу давр мобайнида
давлатлар сиёсий мулоқотни изчил мустаҳкамлаб, иқтисодий алоқаларни кенгайтирмоқда ва маданий-гуманитар ҳамкорликни
фаоллаштирмоқда. Белград Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим шерик сифатида кўрар экан, Тошкент Сербияни Европа бозорларига
йўл очувчи муҳим боғловчи бўғин деб билади.
Сиёсий ҳамкорлик тенглик, ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган ҳолда ривожланмоқда. 2017 йилда Сербия ТИВ сиёсий директори
Зоран Вуйичнинг Тошкентга илк ташрифи чоғида Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликларида музокаралар ўтказилиб,
ҳукуматлараро сиёсий маслаҳатлашувлар механизми ишга туширилди ҳамда БМТ, ОБСЕ ва Номусоффатлик ҳаракати каби халқаро
тузилмалар доирасида ҳамкорлик келишиб олинди.
2021 йилда илк сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, 2022 йилда эса БМТ Бош Ассамблеясининг сессияси чоғида ташқи ишлар
вазирлари вазирликлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича протоколни имзоладилар. Бу ҳужжат икки томонлама шерикликни
кенгайтириш ва гуманитар алмашинувни фаоллаштириш учун туртки бўлди.
Сиёсий ирода туфайли, 2023 йил апрелида Сербия Бош вазири ўринбосари — ташқи ишлар вазири Ивица Дачич ташрифи чоғида
дипломатик иштироқни мустаҳкамлаш ҳақида келишувга эришилди ва ҳар икки давлатда элчилар тайинланди. Бу қадам Тошкент ва
Белграднинг кўп қиррали муносабатларни чуқурлаштиришга бўлган интилишини яққол намоён этди.
2025 йилда сиёсий мулоқот янада ривожланди. Февраль ойида томонлар миграция соҳасида ҳамкорлик истиқболларини,
ҳукуматлараро келишув тайёрлаш ва маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Июль ойида
Ўзбекистоннинг Сербиядаги элчиси Ойбек Шаҳавдинов ташқи савдо бўйича давлат котиби Никола Стоянович билан учрашиб,
ҳуқуқий базани такомиллаштириш, B2B ташаббусларни илгари суриш ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилди.
Сербия сиёсий ва ишбилармон доиралари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар,
иқтисодиётни либераллаштириш ва давлат бошқарувини модернизация қилиш жараёнларига катта қизиқиш билан қарамоқда.
Шу билан бирга, Тошкентнинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ишонч ва қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган фаол
минтақавий сиёсати ҳам юқори баҳоланмоқда.
Ўзбекистоннинг минтақавий мулоқотни қуришдаги конструктив ёндашуви Сербиянинг ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари билан
мувофиқдир. Сербиянинг «тўрт устун» стратегиясида таъкидланганидек, «минтақавий интеграция ва мультилатерализм — бу Сербия
ривожланиши мумкин бўлган муҳитдир».
Ҳар икки давлат кўп векторли ташқи сиёсатни юритиб, турли минтақалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда
манфаатлар мувозанатини сақлашга интилаётир. Шу билан бирга, терроризм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш, барқарор
ривожланиш ва иқлим хавфсизлиги каби йўналишларда умумий позицияга эга.
Иқтисодий ҳамкорлик — Ўзбекистон-Сербия муносабатларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Ҳозирда
савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув тайёрланмоқда. Ҳар икки давлат иқтисодий диверсификация ва рақобатбардошликни
оширишни мақсад қилган ҳолда модернизацияга йўналтирилган ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳити ўзаро савдони мустаҳкамлашнинг асосий омили бўлди. Мамлакатлар ўртасидаги товар
айланмаси 2017 йилдаги 1,9 миллион доллардан 2024 йилда 18,6 миллион долларгача, яъни қарийб 10 бараварга ошди.
Ўзбекистон экспорти эса шу даврда уч бараварга ўсди. Бу икки мамлакат бизнес ҳамжамиятининг узоқ муддатли ҳамкорликка
қизиқишидан далолат беради.
Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тиббиёт, юқори технологиялар ва рақамли трансформация соҳалари истиқболли
йўналишлар ҳисобланади. 2025 йил август ойида томонлар қўшма саноат ва агро-лойиҳаларни йўлга қўйиш орқали товар айланмасини
ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Парламентлараро дипломатия ҳам алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Депутатлар ташрифлари барқарор ривожланиш, жамиятни демократлаштириш, гендер тенгликни илгари суриш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирмоқда. 2021 йилдан бери ҳар икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолият юритмоқда.
Замонавий босқичда Ўзбекистон-Сербия ҳамкорлиги иқтисодий ва гуманитар соҳаларда янги имкониятларни очмоқда.
Яқин йилларда икки томонлама кун тартибини белгилайдиган асосий йўналишлар сифатида савдо-иқтисодий муносабатларни
мустаҳкамлаш, аграр соҳада ҳамкорлик ва илмий-техник ҳамда таълим алоқаларини чуқурлаштириш кўрсатиб ўтилади.
Қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик айниқса истиқболли йўналиш ҳисобланади. Сербия тажрибаси, хусусан агротехнология ва сув
ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича алмашинувлар, Ўзбекистоннинг агросаноат модернизацияси учун муҳим аҳамият касб этади.
2025 йил июль ойида Аддис-Абебада бўлиб ўтган БМТ озиқ-овқат тизимлари бўйича иккинчи сессия доирасида Ўзбекистон ва Сербия
қишлоқ хўжалиги вазирлари Иброҳим Абдурахмонов ва Милан Крких томонидан агротехнологиялар алмашинуви, тупроқ деградациясига
қарши кураш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, фан, техника ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик имкониятлари катта. Сербия таълим тизими Европадаги энг илғорлардан
бири ҳисобланади ва бу тажриба алмашинуви, қўшма дастурлар ва IT ҳамда экология соҳаларида илмий ҳамкорлик учун имконият яратади.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар барқарор ривожланишга хизмат қилмоқда. Сиёсий ишонч ва ташқи сиёсий
устуворликларнинг уйғунлиги Тошкент ва Белградга узоқ муддатли стратегик шериклик учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Шаҳноза Қодирова,
Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлими раҳбари