Марказий Осиё давлатлари барқарор ривожланиш йўлида кучларини бирлаштирмоқда

Марказий Осиё давлатлари барқарор ривожланиш йўлида кучларини бирлаштирмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан экология, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштирди. Қўшма дастурлар, имзоланган битимлар ва кўп томонлама ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш ва табиат олдидаги ўзаро масъулият тамойилларига асосланган ягона экологик маконни яратиш учун пойдевор бўлмоқда.
Қозоғистон билан ҳамкорлик: амалий алоқаларни мустаҳкамлаш
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги экологик ҳамкорлик узоқ тарихга эга бўлиб, мустаҳкам ҳуқуқий асосда ривожланмоқда. 2024 йил ноябрь ойида кучга кирган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги Ҳукуматлараро битим икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг асосий механизми — Сирдарё дарёси ҳавзасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув сифатига оид масалалар бўйича Ўзбекистон–Қозоғистон қўшма ишчи гуруҳи ҳисобланади. Гуруҳ йиғилишлари ҳар йили ўтказилиб, дарё ҳолатини мониторинг қилиш ва маълумот алмашиш орқали экологик хавфларга ўз вақтида жавоб бериш имконини яратади. Томонларнинг сўнгги учрашуви 2024 йил декабрь ойида онлайн форматда бўлиб ўтди.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири — биологик хилма-хилликни сақлаш. 2024 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Кўчиб юрувчи турлар тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Устюрт платосининг ёввойи табиатини асраш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Кейинчалик бу ташаббусга Туркманистон ҳам қўшилди. 2025 йил март ойида томонлар 2025–2030 йиллар учун “Ҳаракатлар йўл харитаси”ни тасдиқладилар.
Вазирларнинг ўзаро ташрифлари ҳамда Самарқанд иқлим конференцияси (2025 йил апрель) ва Тошкентдаги Eco Expo Central Asia кўргазмаси (2025 йил июнь) каби минтақавий форумларда иштирок этиши энг яхши тажрибалар алмашинуви ва “яшил” технологияларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Қирғизистон билан ҳамкорлик: тоғ экотизимларига эътибор
Қирғиз Республикаси билан ҳамкорлик 1996 йилда имзоланган битим асосида олиб борилиб, биологик хилма-хилликни асрашдан тортиб экология соҳасида кадрлар тайёрлашгача бўлган йўналишларни қамраб олади.
2024 йил июль ойида икки давлат экология вазирлари Қирғизистон талабалари учун Тошкентдаги Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетида (Green University) грант асосида ўқиш имкониятини назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Мазкур университет минтақавий тажриба ва илмий билимларни уйғунлаштирувчи мутахассислар тайёрлаш платформасига айланди.
Бундан ташқари, 2025 йил апрель ойида Бишкекда ўтказилган “Барқарор ривожланиш йўлида глобал тоғли мулоқот” халқаро конференцияси тоғ экотизимларини ва сув ресурсларини сақлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлади.
Кўп томонлама форматда Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ЮНЕСКОнинг “Ғарбий Тянь-Шань” трансчегаравий табиий мерос объекти бошқарувида фаол иштирок этмоқда, шунингдек, қоплон ва унинг экотизимларини сақлаш бўйича меморандумни амалга оширмоқда.
Тожикистон билан ҳамкорлик: чегарасиз табиий ҳудудлар
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги алоқалар 2022 йил июнь ойида имзоланган ўзаро англашув меморандуми асосида фаол ривожланмоқда. Устувор йўналишлардан бири — Зарафшон дарёси бўйида трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни яратиш лойиҳасидир.
Мутахассисларнинг мунтазам ташрифлари, конференция ва форумларда иштирок этиши камёб турларни сақлаш, экологик туризмни ривожлантириш ва экологик экспертиза тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги делегацияси Тожикистоннинг 2025 йилни “Халқаро музликларни сақлаш йили” деб эълон қилиш ташаббусининг давоми сифатида Дўшанбе шаҳрида ўтказилган юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этди.
Туркманистон билан ҳамкорлик: трансчегаравий алоқаларни мустаҳкамлаш
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик 2017 ва 2021 йилларда имзоланган битимларга асосланиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга йўналтирилган. Ҳар икки давлат Амударё ҳавзасида барқарор ер ресурсларидан фойдаланиш ва экотизимларни ҳимоя қилишни илгари сурувчи халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.
2023 йил сентябрь ойида “Мўътадил минтақанинг Турон чўллари” номли трансчегаравий табиий объектга ЮНЕСКОнинг Жаҳон табиий мероси мақоми берилиши муҳим воқеа бўлди. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Сурхон қўриқхонаси ва Туркманистоннинг Койтендаг қўриқхонаси бўйича Кўҳитанг ҳудудини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш учун қўшма ҳужжат тайёрланмоқда.
Икки мамлакат экология вазирлари мунтазам равишда халқаро платформаларда — жумладан, Самарқанд иқлим форуми ва БМТнинг денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар конференциясида (Аваза, 2025 йил август) учрашиб туришади.
2025 йил июнь ойида Ўзбекистон Марказий Осиё сут эмизувчиларини сақлаш ташаббуси (CAMI)га раис этиб, Туркманистон эса раис ўринбосари этиб сайланди.
Умумий қараш ва минтақавий бирдамлик
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги икки томонлама лойиҳалар доирасидан чиқиб, глобал ташаббусларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу жараён кўчиб юрувчи йиртқич қушларни сақлаш тўғрисидаги меморандумдан тортиб БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияларида минтақавий ягона позицияни шакллантиришгача бўлган йўналишларни қамраб олади.
Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетининг ташкил этилиши, трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудлар тармоғининг ривожланиши ҳамда халқаро ташкилотлар билан қўшма лойиҳаларда иштирок этиш — буларнинг барчаси минтақамиз мамлакатларининг “Марказий Осиёнинг яшил келажагини” шакллантириш йўлидаги умумий интилишларини акс эттиради.
Анвар Турсуналиев,
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар бошқармаси бош мутахассиси