Ўзбекистон хавфсиз ва очиқ туристик йўналиш сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон хавфсиз ва очиқ туристик йўналиш сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон туризм соҳасида барқарор ва жадал ўсишни намоён этмоқда. Мамлакатга қарийб 12 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди, бу эса ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўпдир.
Туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард АҚШ долларидан ошди, бу эса Ўзбекистонга бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганини ва унинг минтақадаги энг истиқболли туристик йўналишлардан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамланаётганини тасдиқлайди.
Ушбу натижалар туризм соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан инфратузилмани такомиллаштириш, транспорт қулайлигини ошириш, хизматларни рақамлаштириш ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳисобига қўлга киритилди. Мамлакатда туристик кластерларни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда.
Республикада хорижий фуқаролар учун соддалаштирилган кириш тартиби жорий этилган. Жумладан, ҳозирги кунда 94 та давлат фуқаролари учун визасиз тартиб, 52 та давлат учун электрон виза тизими ҳамда 45 та давлат фуқаролари учун беш кунлик транзит визасиз режим амал қилмоқда.
Дунёдаги айрим ҳудудлардаги геосиёсий беқарорлик, айрим мамлакатларда оммавий намойишлар ва чиқишлар фонида, сайёҳлар хавфсизлиги ва уларнинг қулай дам олиши омиллари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу шароитда Ўзбекистон барқарор, хавфсиз ва меҳмондўст давлат сифатида ўз мақомини сақлаб қолмоқда ва барча меҳмонлар учун, уларнинг миллати ва динидан қатъи назар, очиқлигини таъминламоқда. Ҳурмат, бағрикенглик ва самимий меҳмондўстлик анъаналари ўзбек халқи маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Халқаро рейтинглар Ўзбекистонда хавфсизлик даражаси юқори эканлигини тасдиқлайди. Сўнгги йилларда мамлакат глобал хавфсизлик индексларида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Хусусан, “International SOS Risk Map”га кўра, мамлакат паст хавф даражасига эга (Low Risk) йўналишлар қаторига киритилган бўлиб, умумий хавфсизлик бўйича айрим Европа давлатлари билан бир қаторда туради. “Numbeo Safety Index” маълумотларига кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 148 давлати орасида 25-ўринни эгаллаб, жиноятчилик даражасининг пастлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, “Solo Female Travel Safety Index” ва “Safety Perceptions Index” рейтингларида Ўзбекистон дунёда 1-ўринни эгаллаб, аёлларнинг якка тартибда саёҳат қилиши учун энг хавфсиз мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилди. Қўшимча равишда, “Gallup Global Law and Order Index” бўйича ҳам мамлакат жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботга ишонч даражаси юқори бўлган давлатлар қаторига кирган.
Ушбу баҳолар жами ҳолда Ўзбекистоннинг хавфсиз, барқарор ва қулай туристик йўналиш сифатида мустаҳкам халқаро имижини шакллантиради.
Бугунги кунда Ўзбекистон сайёҳларга нафақат Буюк Ипак йўлининг бой маданий-тарихий меросини, балки замонавий инфратузилма, қулай шарт-шароитлар ва очиқлик муҳитини ҳам таклиф этмоқда.